Кўрик-танлов
Тошкент шаҳар ИИББ марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари ёш ходимларининг касб маҳорати, билим савияси ва жанговар тайёргарлигини янада ошириш мақсадида «Энг ватанпарвар ёш ходим» номинацияси бўйича кўрик-танлов ўтказилди.
Танлов 4 босқичда ўтказилиб, иштирокчилар дастлаб Макаров тўппончасидан ўқ отиш бўйича мусобақаларда қатнашди. Иккинчи босқичда ходимлар хизмат қуролларини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди. Шунингдек, мусобақа иштирокчилари тест синовларидан ўтиб, қўл жанги бўйича беллашишди.
Барча синовлар натижаларига кўра Яккасарой тумани ИИОФМБ 3-сонли ИИБ профилактика инспектори, катта лейтенант Ҳошимхўжа Усмонов ғолиб деб топилди. Учтепа тумани ИИОФМБ кадрлар билан таъминлаш гуруҳи катта инспектор-методисти, капитан Расул Эралиев иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўрин Сергели тумани ИИОФМБ кадрлар билан таъминлаш гуруҳи катта инспектор-методисти, лейтенант Рустамхон Ҳамдамовга насиб этди.
Танлов ғолиблари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Сарвар СОБИРОВ,
«Постда» мухбири.
