Кун қаҳрамони
1982 йилда Жарқўрғон туманида туғилган. 2000 йилда Қашқадарё вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган.
Хизмат вазифасини Термиз халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш баталонида 2003 йилда бошлаган. М.Болтаев ўтган вақт оралиғида оддийгина ўқчи лавозимидан гуруҳ командири лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. Айни пайтда у ҳарбий қисм 1-қўриқлаш взводи 2-қўриқлаш гуруҳи командири вазифасида фаолият олиб бормоқда.
М.Болтаев тартиб-қоидаларга қатъий амал қиладиган, ўз вазифасига виждонан ёндашадиган ҳарбий хизматчи сифатида ҳамкасблари орасида ҳурматга эга. У ўзига бириктирилган гуруҳ шахсий таркиби билан ишлашдан эринмайди. Улар билан жанговар, маънавий-маърифий ва руҳий тайёргарлик бўйича мунтазам равишда машғулотлар олиб боради.
Қаҳрамонимиз спортда, айниқса, футболда чаққон. У ҳарбий тузилмалар ўртасида ўтказиладиган мусобақаларда ҳам ҳарбий қисм шарафини ҳимоя қилишда фаол иштирок этиб келади.
Хизмат фаолияти давомида ўз вазифасига сидқидилдан ёндашган, бошқаларга ўрнак ва намуна бўлган М.Болтаев раҳбарият томонидан 17 марта рағбатлантирилган. 2017 йилда эса қаҳрамонимизнинг хизматлари муносиб баҳоланиб, “Конституциямизнинг 25 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Уч ўғил ва бир қизни умид билан ўстираётган М.Болтаевнинг фарзандлари ҳам Ватан ҳимоясига шай инсонлар бўлиб улғайишини хоҳлайди ва бу йўлда энг аввало, ўзи уларга намуна бўлишга ҳаракат қилади.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
“Постда” мухбири.
Сурхондарё вилояти.
