Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони талаблари асосида Навоий вилояти Иибда самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Яқинда ходимларнинг жисмоний фаоллигини янада ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида навбатдаги тадбир бўлиб ўтди. "Жисмоний ва жанговар тайёргарлик ойлиги" доирасида антропометрик кўрсаткичлари бўйича тана вазни меъёридан ортиқ ходимлар рўйхатига киритилганлар билан вилоят ИИБ жисмоний ва жанговар тайёргарлик бўлими томонидан "Семизлик – касалликлар ўчоғи" ва "Семиришнинг олдини олиш" мавзуларида ўқув семинари ташкил этилди. Семинарга шифокор-диэтологлар ва озиш бўйича спорт мураббийлари жалб қилинди.
Тадбир давомида шифокор диэтологлар одам организмидаги ортиқча ёғларнинг зарари ҳамда семизликнинг салбий томонлари хусусида тўхталишди. Жумладан, ўткир ресептор ва сурункали касалликларнинг асосий келиб чиқиш сабабларидан бири ҳам семизлик эканлигини таъкидлашди. Тана вазнини меъёрлаштириш учун мунтазам спорт билан шуғулланиш, овқатланиш расионида кўкатлар, мева ва сабзавотларни кўпайтириш зарурлигини қайд этишди. Бундан ташқари, малакали спорт мураббийлари уй шароитида енгил машқлар орқали озиш бўйича маҳорат машғулоти ҳам ташкил этишди. Семинар сўнгида ходимларга оздириш бўйича қўлланма ҳамда ўн кун давомида олиб бориладиган соғлом озиш дастури тақдим этилди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
Ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.
