Бугун осойишталигимиз посбонлари ўртасида шахмат бўйича ўтказилаётган “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақасининг финал босқичи бўлиб ўтди. 

Унда ҳудудлар бўйича ўтказилган саралаш босқичларида муваффақият қозонган иштирокчилар қуръа ташлаш натижаларига кўра ўзаро беллашишди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона тарзда баҳолаб борилган ушбу мусобақанинг якуний натижаларига кўра, ўзининг ўйин услуби, шижоати ва қобиляти билан барчани доғда қолдирган Наманган вилояти ИИБ жамоаси шахматчилари мусобақа ғолибига айланди. Финалда рақибидан бироз ортда қолган ИИВ Марказий аппарати жамоаси вакиллари иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, хоразмлик спортчилар эса учинчи ўринга лойиқ топилди.

– Ушбу спорт байрамини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам ходимлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш ҳамда соғлом ва маънан етук инсонларни тарбиялашдан иборатдир, – дейди мусобақа ташкилотчиларидан бири подполковник Ринат Ражабов. – Шу боисдан ҳам бу каби тадбирларни доимий тарзда ўтказиб туришни қатъий мақсад қилдик.  

Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан вазирлик Жисмоний ва жанговар тайёргарликни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи, подполковник Нўмонжон Юнусов ғолибларни табриклар экан, юртимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ички ишлар органлари ходимларининг самарали фаолият юритиши ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шарт-шароит ва имкониятларни янада яхшилаш ҳамда жонажон ватанимизга меҳр-муҳаббат ва садоқат туйғуларининг кучайишига хизмат қилишини таъкидлади.

Шундан сўнг мукофотларни топшириш маросими бошланди. Унга кўра, 1-ўринни қўлга киритган наманганлик шахматчиларга вазир кубоги, жамоанинг ҳар бир иштирокчисига мусобақанинг олтин медали ҳамда биринчи даражали диплом тақдим этилди. Иккинчи поғонани забт этган ИИВ Марказий аппарати жамоаси вакиллари кумуш медалъ ва иккинчи даражали диплом билан тақдирланди. Ниҳоят, 3-ўринга муносиб кўрилган хоразмлик спортчиларга эса, бронза медали ва учинчи даражали диплом топширилди. Шу билан бирга, ғолиб жамоаларнинг барча аъзоларига телевизор ҳам берилди.

Шунингдек, яккалик баҳсларида ҳам ўзининг маҳоратини намойиш этган Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий хизматчиси, ИИИ даражали сержант Шербек Хуррамов тенгсиз деб топилиб, шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди. Хоразм вилояти ИИБ ходими, кичик сержант Мансурбек Раҳимов 2-ўринни эгаллаган бўлса, Тошкент вилояти ИИББ осойишталик посбони капитан Ҳасан Искандаров учинчи поғона билан кифояланди. Ғолибларнинг барчасига турли даражадаги диплом, медалъ ва қимматбаҳо эсдалик совғалари берилди. 

– Мазкур мусобақада нафақат ғалаба қозондик, балки кўплаб дўстлар ҳам орттирдик, – дейди Чуст тумани ИИБ ҲПБ Вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологи, лейтенант Гулҳаё Шокаримова. – Бунинг учун ИИВ ҳамда бизга шундай имкониятларни яратиб берган Наманган вилояти ИИБ раҳбариятига чуқур миннатдорлик билдирамиз.   

Михли САФАРОВ,

ўз мухбиримиз.

Икром ҲАСАНОВ олган суратлар.