Эндигина 23 ёшни қаршилаган бугунги қаҳрамонимиз кичик сержант Аббос Қодиров Навоий шаҳрида таваллуд топган. У болалигидан спорт билан астойдил шуғулланади. 2019-йилда Навоий вилояти Зарафшон шаҳар ИИБ жамоат тартибини сақлаш бўлинмаси кинология гуруҳи кичик инспектор-кинологи лавозимига қабул қилинди. 

Айни пайтда вилоят ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди мутахассиси. Унинг взифаси махсус транспорт воситасини моҳирлик билан бошқариб, ходимларнинг воқеа жойига тезкорлик билан етиб боришини таъминлашдан иборат. Бу вазифани аъло даражада бажариб, хавфли жиноятчиларни қўлга олишга ўз ҳиссасини қўшиб келяпти.

Аббос Қодиров 2016-йили Молдавияда бўлиб ўтган қўл жанги бўйича Жаҳон чемпионатида 2-ўринни, 2019-йил Алмати шаҳридаги яккакурашлар фестивалида қўл жанги бўйича 1-ўринни, 2022-йил Москва шаҳридаги қўл жанги бўйича Жаҳон кубоги баҳсларида эса 3-ўринни эгаллаб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.  

Яқинда Навоий шаҳрида спортнинг ММА(аралаш жанг санъати) тури бўйича ўтказилган халқаро мусобақада дебют жангида иштирок этди. Илк бор ўзини ушбу спорт турида синаб кўрган ёш спортчи 65 кг вазн тоифасида қирғизистонлик рақибини доғда қолдириб, ғолибликни қўлга киритди. Унга “Ғалаба муборак!” деймиз, келгусида бундан ҳам улкан ютуқлар тилаб қоламиз.

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.