Организм соғлом, бақувват бўлиши учун зарарли одатлардан йироқ туриш, ўз вақтида ва меъёрида ухлаш, дам олиш, меҳнат қилиш лозимлигини яхши биламиз. Лекин бу тўлақонли самара бериши учун яна бир нечта қоидаларга амал қилиш ўринли эканини ҳам унутмаслик лозим.
Салбий ҳисларни чиқариб юборинг. Деярли ҳар куни ишда, транспорт воситасида ёки уйда асабийлашишга тўғри келиб, кайфиятимиз бузилади. Натижада кўнгилсиз ҳис-туйғулар тобора тўпланиб, асаб тизими фаолиятини издан чиқара бошлайди. Бу эса организмнинг эрта қаришига сабаб бўлади. Шу сабабли ёмон ҳисларни ўз вақтида чиқариб юборишни одат қилиш зарур.
Маълумки, аёллар бундай ҳолларда бироз йиғлаб олиб, енгил тортади. Эркакларда эса бундай имконият йўқ, деса ҳам бўлади. Салбий ҳиссиётлардан халос бўлишнинг энг яхши усули – спорт билан шуғулланиш. Шу йўл орқали ҳам қаҳр-ғазабни чиқариб юбориш, ҳам тананинг соғлом ва кўркам бўлишига эришиш мумкин.
Таомни шошмай чайнанг. Овқатни ҳовлиқмай истеъмол қилиш саломатликка ижобий таъсир кўрсатади. Яхши биламизки, аксарият инсонларнинг организми семиришга мойил. Вазннинг ортиши эса, ўз ўрнида, тестостерон миқдорининг (эндокрин тизими томонидан ишлаб чиқариладиган энг муҳим гормонлардан бири) камайишига олиб келади. Олимлар томонидан ўтказилган текширишлар шуни кўрсатадики, қомати расо инсонлар таомни чайнашга 9 сония, тўла кишилар эса атиги 3 сония сарфларкан. Демак, овқатни қанчалик секин чайнасак, қоматимиз шунчалик хушбичим ва ёш кўринишга эга бўлади.
Ҳар куни тонгда бадантарбия қилишни унутманг. Эрталабки машқлар сизга кун бўйи куч-қувват, яхши кайфият бахш этади. Бундан ташқари, шахсий автомобилга эга бўлсангиз ҳам кунига бир соат вақтингизни пиёда юришга ажратинг. Бу юракнинг нормал фаолиятини янада узайтиради. Пиёда сайрга вақтингиз етмаётган бўлса, ҳеч бўлмаса лифтдан воз кечиб, зиналардан тушиб-чиқишга ҳаракат қилинг.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
