Фарғона вилояти ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди катта мутахассиси, сержант Лутфилла Сайдаматов спортда ютуқларга эришиб келаётган ёш ходимлардан ҳисобланади. 

У сўнгги 5 йил давомида спортнинг жанговар самбо тури бўйича 10 дан зиёд халқаро мусобақаларда муносиб қатнашиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришга эришди.

Жорий йил қаҳрамонимиз учун омадли йил бўлмоқда. 24–26-март кунлари Россия Федерациясининг Москва шаҳрида «Самбо асосчилари кубоги» чемпионатида 64 кг вазн тоифасида учинчи ўринни эгаллади. 15–21-июн кунлари Қозон шаҳрида «Динамо» спорт жамиятининг ташкил топганига 100 йил тўлиши муносабати билан спортнинг самбо ва жанговар самбо турлари бўйича ўтказилган халқаро турнирда эса олтин медалъ соҳиби бўлди.

1995-йилда Қува туманида туғилган Лутфилла болалигидан спортга меҳр қўйиб, шу тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мураббийси Нурмуҳаммад Усмоновдан спорт сирларини ўрганди, бир қанча ютуқларни қўлга киритди.

– Доим халқаро мусобақаларда зафар қучганимда, табиийки юртимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграйди. Шундай лаҳзаларда юрагим тўлқинланиб кетади, – дейди чемпион йигит. – Спортдаги ютуқларим орқали Ватанимизни дунёга танитишга ҳисса қўшаётганимдан, унинг байроғини баланд кўтараётганимдан ғурурланаман.

Фарғона вилояти ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди шахсий таркиби орасида Лутфилла каби моҳир спортчилар кўпчиликни ташкил этади. Жумладан, сафдор Лазизбек Муллажонов, сержант Шерзод Исмонов, сержант Низомиддин Исроилов, Ойбек Ҳайдаров каби ходимлар турли даражадаги чемпионатларда иштирок этиб, олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритиб келишмоқда.

Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.