Сурхондарё вилоятида 14–17 ёшли ўғил болалар ва қизлар ўртасида волейбол бўйича Ички ишлар вазири кубоги учун мусобақалар ўтказилди. Дастлаб маҳаллалар миқёсида бўлиб ўтган баҳсларда ғолиб бўлган ёшлар туман босқичларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Туман-шаҳар босқичи 3 та минтақавий ҳудудда ташкил этилди. Унга кўра, Денов туманидаги Жомий маҳалласи ҳудудида жойлашган спорт мажмуасида Денов, Сариосиё, Узун, Шўрчи ва Олтинсой туманлари ёшлари жам бўлди. Мусобақада йигитлар ўртасида Олтинсой тумани ёшлари, қизлар ўртасида эса Денов тумани ёшлари бошқа тенгқурларига нисбатан кучли ўйин кўрсатиб, вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 2-минтақвий ҳудуд ўйинлари Термиз шаҳридаги 26-сонли мактабнинг спорт мажмуасида ўтказилиб, унда Термиз шаҳри, Термиз, Музработ, Қумқўрғон, Жарқўрғон туманлари вакиллари қатнашди. Якунда Музработ тумани ёшлари ғолиб бўлишди.

3-минтақавий ҳудуд ўйинлари Шеробод тумани марказида жойлашган спорт мажмуасида ташкиллаштирилди. Ушбу мусобақада Шеробод, Бойсун, Қизириқ, Бандихон, Ангор туманлари ёшлари ўзаро куч синашди ва Шеробод тумани жамоаларининг қўли баланд келди.

Минтақавий ўйинларда ғолиб бўлган 6 та жамоа мусобақанинг вилоят босқичида ўзаро куч синашди. Натижада ҳам ўғил болалар, ҳам қизлар ўртасида Шеробод тумани жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади.

Мусобақа қатнашчиларига ва фахрли ўринни эгаллаган ёшларга пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар вилоят ИИБ бошлиғи, полковник А.Исмоилов томонидан топширилди. Ғолиб жамоа Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтадиган мусобақанинг минтақавий босқичида иштирок этади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

“Постда” мухбири.

Сурхондарё вилояти.