Ички ишлар органлари тизимида ҳам юртимиз фахрига айланган донгдор чемпионлар етарлича. Улардан бири пойтахтнинг Юнусобод тумани ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси терговчиси, капитан Фахриддин Шариповдир. Қаҳрамонимиз болалигида отаси билан бокс залига бирга борган, машғулотларда қатнашган ва шу орқали спортга кириб келган.
Шариповларни спортчилар оиласи, дейишади. Негаки, Фахриддиннинг отаси бокс билан профессионал шуғулланган, укаси ва амакилари ҳам спортчи бўлган. У бошқалардан фарқли равишда, битта спорт турини танламади. Бараварига самбо ҳамда дзюдо билан шуғулланишга киришди. Дастлаб, самбо бўйича бир неча бор Ўзбекистон ва Осиё чемпиони бўлгач, асосий эътиборини дзюдога қаратди. Сабаби, самбо спорт тури сифатида олимпиада дастурларига киритилмаган эди.
Натижада, дзюдо бўйича кетма-кет мамлакат чемпионлигини ва кўплаб халқаро турнирлар ғолиблигини қўлга киритди. У Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси сафида нуфузли мусобақаларда қатнашди. 2018-йилда ички ишлар органларига хизматга қабул қилинган Фахриддин Шарипов спортчи сифатида тизим фахрига айланди.
Хусусан, 2022-йилнинг 7–11-сентабр кунлари Полшанинг Краков шаҳрида бўлиб ўтган дзюдо бўйича жаҳон чемпионати бронза медалини қўлга киритди. Ўша йили Франсиянинг Нант шаҳрида ўтказилган «Гран-при» турнирида фахрли 1-ўринни эгаллади. 2023-йилнинг 26–29-май кунлари Россия Федерациясининг Москва шаҳрида ўтказилган ички ишлар органлари ва Қуролли Кучлар тузилмалари ходимлари ўртасида ташкил этилган дзюдо бўйича халқаро турнирда МДҲ давлатлари вакиллари тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда, жамоавий тарзда кураш олиб борди. Фахриддин Шарипов жамоавий баҳсларда олтин медал ва кубокнинг қўлга киритилишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб, финал беллашувида мезбон Россия терма жамоаси аъзосини мағлуб этди. 2023-йил сўнгида Бирлашган Араб Амирликларининг пойтахти Абу Даби шаҳрида «Катта дубулға» турнирининг дзюдо бўйича спорт усталари ўртасидаги жаҳон чемпионатида 100 кг вазн тоифасида фахрли 3-ўринни забт этди.
Капитан Ф. Шарипов китоб мутолаасини ҳам канда қилмайди. Агата Кристи, Ден Браун, Александр Дюма асарларини севиб ўқийди.
Ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши хизмат вазифаларини бажариш вақтида ўзини ўзи ҳимоя қилиш бўйича махсус жисмоний тайёргарлик усулларини етарли даражада ўзлаштириши нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳимдир. Чемпион ходимдан келгуси мусобақаларда ҳам олтин медалларни кутиб қоламиз!
Аброр ПОЁНОВ,
ўз мухбиримиз.
