Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасида уюшмаган ёшлар ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича ташкил этилган “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақаларининг вилоят босқичи юқори савияда ўтказилди.

Унда шаҳар-туман ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 19 та жамоа ўзаро куч- синашди. Бир неча кун давом этган мусобақа қизғин курашларга, беллашувларга бой тарзда ўтганини алоҳида эътироф этиш зарур.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, ўғил болалар ўртасида Учкўприк тумани жамоаси 1-ўринни, Марғилон шаҳри ёшлари 2-ўринни, Ўзбекистон тумани вакиллари 3-ўринни қўлга киритдилар.

Қизлар ўртасидаги баҳслар ҳам муросасиз руҳда кечди. Натижаларга кўра, Ўзбекистон тумани ёшлари 1-ўринга, бағдодлик қизлар 2-ўринга, Учкўприк тумани волейболчилари эса 3-ўринга сазовор бўлдилар.

Вилоят ИИБ раҳбарияти иштирок этган тақдирлаш маросимизда ғолиб жамоа ва фаол ёшлар кубок, диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотланди.

Эндиликда 1-ўринни эгаллаган жамоалар Республика босқичида иштирок этиб, вилоят шарафини ҳимоя қиладилар.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.