Спорт соғлом ҳаётни таъминловчи, қолаверса, тинчлик ҳамда бирдамликни тарғиб қилувчи воситадир. Инсонни ҳар томонлама соғлом ва баркамол қилиб тарбиялашда ҳам спортнинг ўрни беқиёс. Мазкур жараёнда эса Ички ишлар органлари ходимлари барчага ўрнак бўлмоғи, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этувчи қатламга айланмоғи даркор.

Мамлакатимиз бўйлаб тизимда жорий этилган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасидаги тадбирлардан ҳам айни мақсад кўзланган. Бинобарин, Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган “Соғлом авлод учун” шиори остидаги марафонлар фаолият ривожига сезиларли ҳисса қўшмоқда.

Тонг саҳардан соҳа вакиллари Навоий шаҳридаги Фарҳод маданият саройидан истироҳат боғидаги Ёшлик кўлигача югуриш марафонида иштирок этишди. Унда ИИО ходимлари ва уларнинг оила аъзолари шунингдек, йўл-йўлакай ихтиёрий қатнашувчилар ҳам бўлди.

Соғломлаштириш тадбири югуришдан триатлон спорт мусобақасига уланди. Бунда ҳам ходимлар ўзаро куч синашиш имконига эга бўлдилар. Минглаб навоийликларни бир майдонга жамланган тадбир сўнгида ғолиблар ёш тоифасида белгиланиб, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.