Моҳларойим энг биринчи медалини олган кунни ҳеч ёдидан чиқармайди. 2011-йилда карате бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида ўз вазн тоифасида бронза медални қўлга киритганди. Сўнгра Малайзияда Осиё чемпионатида ғолиб бўлди, Минскда ўтказилган МДҲ мамлакатлари спорт ўйинларида иккинчи ўринни эгаллади, Тошкентда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида олтин медал соҳибига айланди, Қирғизистонда олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон чемпионатида биринчи ўринга сазовор бўлди. 

Моҳларойим Ҳакимжонова Андижон давлат университетини битирган. У таълим муассасасини тамомлагач, Андижон шаҳридаги 15-мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлади.

Бугун у Андижон шаҳар ИИОФМБ вояга етмаганлар масалалари бўйича бўлинма инспектор-психологи лавозимида фаолият олиб бормоқда.

– Албатта, хизматни машғулотлар билан уйғунлаштириш осон эмас, – дейди инспектор-психолог, катта сержант Моҳларойим Ҳакимжонова. – Лекин жисмонан соғлом ва шай ҳолатда бўлиш учун спорт билан шуғулланишга вақт топаман. Чунки 2024-йил январ ойида Грецияда халқаро турнир бўлиб ўтади ва мен аввалги ютуқларим шарафини ҳимоя қилиш учун унда иштирок этишим керак.

Ҳакимжоновлар оиласида тўрт нафар қиз фарзанд вояга етди, Моҳлар­ойим – тўнғичи. Моҳинур вилоят марказидаги мактаблардан бирида жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлайди, Мубина касб-ҳунар коллежида таҳсил олмоқда, Ҳожихон эса Андижон шаҳридаги 1-мактабнинг 6-синф ўқувчиси. Сингиллари Моҳларойим билан фахрланиб, ундан ўрганишга ҳаракат қилишади.


Борис КЛЕЙМАН,

ўз мухбиримиз.

Андижон вилояти.