Жажжи ва беғубор болажонларга қўл кўтаришдек оғир гуноҳга қўл уриш учун кимса нақадар тошбағир бўлиши керак? «Ҳаёт гуллари», «Жаннат райҳонлари» деб эъзозланадиган болалар қанчалик шўх-шаддод бўлмасин, уларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш учун кишида инсонийликдан асар ҳам қолмаган бўлиши лозим.
Ачинарлиси ва оғриқлиси шундаки, бундай ҳолатларнинг асосий иштирокчилари меҳр-шафқат тимсоли бўлган аёллар. Наҳотки, замонамиз аёллари шу қадар меҳрсиз бўлиб кетаётган бўлса? Наҳотки, оналик фитратига эга зотлар жажжи вужудларга зулм
қилишдан тап тортмаса?
ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, мактабгача таълим ташкилотларида зўравонлик ҳолатлари боланинг руҳий ривожланишига ўнглаб бўлмас салбий таъсир кўрсатади. Илмий тадқиқотларга кўра эса, зўравонликка дуч келган болалар кейинчалик ижтимоий муносабатларда муаммоларга дуч келиши ва агрессив хулқ намоён қилиш эҳтимоли юқори бўлади.
Афсуски, очиқланаётган ҳолатлар аслида содир бўлаётганларининг маълум қисмигина, холос. Кузатишлар шуни кўрсатадики, тарбиячилар томонидан болаларга қўл кўтариш ва зўрлик ишлатиш ҳолатлари асосан нодавлат ҳамда давлат-хусусий шериклик асосидаги муассасаларда кўп учрамоқда. Агар муассасада бўлган вақтда болаларнинг соғлиғи ва хавфсизлиги учун масъулият тўлиқ раҳбар, яъни тадбиркорнинг зиммасида эканини инобатга олсак, масала янада ойдинлашади. Бироқ тадбиркорнинг масъулияти давлат назоратини инкор этмайди. Мазкур муаммо ечими ва тизимдаги тартиб учун барибир мутасадди идоралар жавобгар.
Биз ушбу оғриқли масала бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан Жиззах вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Темур Султоновга мурожаат қилдик.
– Бугунги кунда вилоятимизда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 79 фоизга етди. Эътиборлиси, бунда нодавлат секторнинг улуши 42,3 фоизни ташкил этмоқда, – дейди суҳбатдошимиз. – Соҳада хусусий секторнинг кенгайиши тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиш ва бандликни таъминлаш билан бирга, зиммага улкан масъулият ва жавобгарликни ҳам юклайди.
Мактабгача таълим ташкилотларида кузатилаётган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун биз вилоятдаги ҳар бир муассасада фаолият юритаётган тарбиячиларни уларнинг ички дунёсини ва касбий фаолиятга руҳий тайёргарлик даражасини аниқлаш мақсадида психологик тестдан ўтказдик.
Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосидаги, хусусий ва оилавий боғчаларда видеокузатув назоратини ўрнатиш ҳамда видеоархивларни мунтазам сақлаш талаби қатъий қўйилмоқда.
Боғчалардаги зўравонлик муаммосини тамоман ҳал этиш учун фақат жазо чоралари билан чекланиб қолмаслик керак. Бунинг учун тарбиячиларни қайта тайёрлаш, назорат тизимини такомиллаштириш, асосийси, соғлом таълим-тарбия муҳитини яратиш ва бу жараёнда жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур.
Муаммонинг илдизини, яъни, асл сабаб ва омилларини ўрганиш мақсадида тарбиячиларга ҳам қулоқ тутишни лозим топдик.
– Тўғри, кўпчилик бу касбни севиб танлайди. Аммо оғир иш режими ва шароитлар вақт ўтиши билан тарбиячида руҳий зўриқишни келтириб чиқаради, – дейди исмини ошкор қилишни истамаган тарбиячилардан бири. – Масалан, бошқа соҳалардан фарқли ўлароқ, бизда аниқ белгиланган тушлик вақти йўқ. Бунинг устига, айрим ота-оналарнинг масъулияцизлиги сабаб иш вақтимиз кечки соат олтидан кейин ҳам давом этади. Натижада тарбиячи ҳам уй, ҳам ишдаги жавобгарлик, юқори босим сабаб баъзан ўзини назорат қилолмай, номақбул ҳаракатларга йўл қўйиши мумкин. Албатта, бундай ҳолатларни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.
Жиззах шаҳридаги «Инсон манфаатлари» нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари, психолог Гулчеҳра Хидирова мазкур оғриқли масалага қуйидагича муносабат билдирди:
– Таҳлиллар шуни кўрсатадики, боғчалардаги зўравонлик ҳолатлари замирида бир нечта омиллар ётади. Улар орасида кадрлар тайёргарлигининг пастлиги, болалар психологиясини етарлича билмаслик ва сурункали эмоционал чарчоқ энг муҳимларидир.
Тарбиячи нега бундай йўлга киради? Доимий шовқиндан ташқари ойлик паст, иш соати узун, шароит оғир бўлса – бу инсонда асабийликни оширади. Чарчоқ ҳаддидан ошганда, ўзини назорат қилиш қобилияти пасаяди. «Қийин бола» билан ишлаш кўникмасига эга бўлмаган тарбиячи эса зўравонликни «энг осон чора»
деб ўйлайди. Бундан ташқари, айрим ходимларнинг ўзи ҳам болалигида қаттиққўллик қурбони бўлган ва буни «нормал» деб қабул қилади.
Муаммонинг ечими учун ҳар бир тарбиячи эмоционал интеллектни ривожлантириши, стрессни бошқаришни ўрганиши шарт. Жаҳл чиққанда дарҳол реаксия қилмай, бироз танаффус (пауза) қилиш, уриш ўрнига тушунтириш ва рағбатлантириш усулларини қўллаш, энг муҳими, дам олиш ва руҳий тикланишга вақт ажратиш жуда муҳимдир.
Қувонарлиси шундаки, жорий йилдан бошлаб Жиззах вилоятида мактабгача таълим тизими ходимларининг методик маҳоратини ошириш жараёнларига нодавлат МТТ тарбиячилари ҳам кенг жалб этилмоқда.
– Илгари асосан давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари билан ишлаган бўлсак, эндиликда жойларда сайёр курслар ташкил этиш орқали хусусий ва оилавий боғча вакилларини ҳам қамраб оляпмиз, – дейди вилоят Педагогик маҳорат маркази директори Ижод Аҳмедов. – Шу кунга қадар Ғаллаорол, Бахмал ва Шароф Рашидов туманларида 222 нафар тарбиячи учун ўқувлар ташкил этилди. Уларга замонавий педагогик технологиялар билан бирга, болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишнинг ҳуқуқий асослари, соҳадаги жиноий жавобгарлик ҳамда бола билан самарали ишлашнинг психологик кўникмалари ўргатилди.
Дарҳақиқат, мактабгача таълим ташкилотлари ва мутасадди идоралар томонидан назоратни кучайтириш, видеокузатув тизимини жорий қилиш ва мунтазам текширувлар ўтказиш билангина муаммони тўлиқ ҳал этиб бўлмайди. Бунинг учун тарбиячилар учун доимий семинарлар, психологлар иштирокида машғулотлар ташкил этиш, иш шароитларини яхшилаш, гуруҳлардаги болалар сонини меъёрда сақлаш ҳамда ҳар бир муассасада болалар ва ходимлар билан ишлайдиган штатли психолог фаолиятини йўлга қўйиш зарур. Муҳими, болага эҳтиромга лойиқ шахс сифатида қараш кўникмасини шакллантириш керак. Зеро, бугун боғчада тарбияланаётган бола – эртанги жамиятимизнинг фуқаросидир.
...Қадимда ота-оналар фарзандини устозга топшираётиб, «Эти сизники, суяги бизники»
дейишганида, болани
калтаклаш ёки хўрлашни эмас, балки унинг
камолоти ва тарбияси учун бутун масъулиятни устозга ишониб топширишни назарда тутишган. Бу ибора замирида зулм эмас, балки чексиз ишонч ва заҳматкаш устоз меҳнатига бўлган эҳтиром мужассам бўлган. Ниятимиз – айрим «тарбиячилар»нинг бугунги кундаги хатти-ҳаракатлари бу муқаддас ишончга соя солмасин.
Муқаддас САПАРОВА,
ўз мухбиримиз.
Жиззах вилояти.
