Хоразмшоҳлар давлатида мамлакат тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида шихналар фаолияти йўлга қўйилган. Улар ўз отрядлари билан жазолаш вазифасини ҳам бажарган. Одатда, шихна лавозимига туркий халққа мансуб лашкарбошилар –амирлар тайинланган. Кимда-ким ҳокимият учун ҳавф туғдирса, халқни мавжуд тузумга қарши бошламоқчи бўлса, шихна дарҳол уни аниқлаб, тегишли жазога тортган.
Амир Темур давлатида ҳарбий юришлар пайтларида тунаш учун ва ўрда сифатида жойлаштирилган қўшин қароргоҳида махсус соқчилар бўлинмаси бўлган. Ушбу бўлинма қўшинлар қароргоҳидан ярим фарсах узоқликда жойлашиб, олдинга махсус постлар жойлаштирилган. Соқчилар бир-бирлари билан мунтазам алоқада бўлиб, душман ҳақида олинган маълумотларни қароргоҳга етказиб турган. Қароргоҳнинг ўзида ҳам махсус соқчилар бўлиб, улар тартибни сақлаб, савдо-сотиқ ва озиқ-овқатларнинг нархини назорат қилиб, юз бериши мумкин бўлган ўғриликларнинг олдини олиш учун жавобгар эдилар.
ХВИ – ХВИИИ асрларга келиб Темурийлар салтанати ўрнида бир-биридан мустақил учта давлат – Бухоро хонлиги (ХВИИИ аср ўрталаридан амирлик), Хива ва Қўқон хонликлари ташкил топди. Уларда давлат бошқаруви бир-бирига ўхшаш бўлиб, Темурийлар, Шайбонийлар давридаги бошқарув тартиби деярли ўзгаришсиз сақланган. Давлат бошқаруви, молия, суд, миршаблик ва ҳарбий ишлар ҳукмдорнинг қариндошлари, ўзига яқин одамлар томонидан бошқарилган. Улар ўз фаолиятларини бажаришда катта ҳуқуқ ва имтиёзларга эга бўлганлар.
Бу даврда шайхулислом, муфти, аълам, қози, муҳтасиб (раис), кўкалдош, доруға, додхоҳ, ясовул каби мансаб эгалари бўлган. Улар дин ва шариат қоидаларига риоя этилиши, адолат мезонларининг бажарилиши, бозорлардаги тош-тарозининг тўғрилигига масъул бўлган, мамлакат миқёсидаги хавфсизликни назорат қилиш, тергов олиб бориш ва солиқларни йиғиш каби вазифаларни бажаришган.
Аҳолининг тинчлиги ва осойишталиги учун миршаблар масъул ҳисобланган. Миршаб сўзи (арабча мир – ҳукмдор, шаб – тун) Марказий Осиё хонликларида маъмурий лавозим, тунги шаҳар соқчиси ва уларнинг бошлиғи маъносида қўлланилган. Миршаблар шаҳарлар ва қишлоқларда кеча-ю кундуз соқчилик қилишган, жамоат жойлари, бозорлар ва кўчаларда тартиб-осойишталикни таъминлаган. Шунингдек, қозилар (суд) томонидан жиноят учун тайинланган жазони ижро этиш ҳам уларнинг зиммасига юкланган.
Жиноят ва жазо ишлари шариат қонунлари асосида ҳал этилган бўлиб, масалан: ўғирлик жинояти учун ўғри мол-мулкни ўз эгасига қайтариш ва зарарни қоплашга мажбур қилинган, баъзи ҳолатларда, яъни қайта ўғирлик содир этганда, унинг қўли кесилган. Қотиллик жинояти содир этилганда эса шариат қоидаларига кўра «қасос» қоидасига амал қилинган. Яъни жабрланувчининг оиласи қотилни жазолашни (ўлим) ёки «дия» (тўлов) олишни танлаш ҳуқуқига эга бўлган. Босқинчилик ва йўлтўсарлик жинояти учун ўлим ёки сургун қилиш жазоси белгиланган.
Урушлар тугагач, ҳарбий қўшиннинг уйига тарқатилмаган қисми ҳукмдорларнинг хавфсизлиги, шаҳар ва қишлоқларда осойишталикни таъминлаш, ўғирликлар ва бошқа жиноятларга қарши курашишга қаратилган вазифаларни бажариш учун вақтинча миршаббошиларга бўйсундирилган. Ҳарбийлар тинчлик пайтда асосан миршаблик, ҳарбий мақсадлар учун йўллар, кўприклар қуриш, янги истеҳкомлар барпо этиш, эскиларини таъмирлаш, ҳарбийлар учун уй, ётоқхона қуриш ишлари билан шуғулланганлар.
Хива хонлигида миршаблар давлат ва шариат қоидаларига қатъий бўйсунарди. Уларнинг асосий вазифаси Ичан-қалъани қўриқлаш, қози ҳукмига кўра, белгиланган жазоларни ижро этишдан иборат бўларди. Архив ҳужжатларига кўра, Хивадаги Паҳлавон дарвоза, Шайх дарвоза, Маҳмуд ота дарвоза, Хизр бобо дарвозаларида жами 29 нафар миршаб хизмат қилган.
Бухоро амирлигидаги марказий давлат бошқарувида Бухоро шаҳри алоҳида ўрин эгаллаган. Жумладан, ушбу шаҳар ҳокими (қўшбеги) амирнинг биринчи вазири ва бошқа вилоятлар бошқарувчиси ҳисобланган. Шаҳардаги жамоат тартибини сақлаш миршаблар зиммасига юклатилган. Улар шаҳар миршаббошисига бўйсунишган. Бухоро шаҳри миршаббошисига, шунингдек, бошқа барча шаҳарлар миршаббошилари ҳам итоат этишган.
Манғитлар ҳукмронлиги даврида Бухорода қўшбеги, қозикалон, бош раис ва миршаббоши биргаликда «чор ҳоким», яъни, «тўрт ҳоким» деб юритилган. Амир саройида ижро ҳокимиятини амалга оширувчи лавозимлар қаторига шаҳар хавфсизлигига жавобгар бўлган миршаббоши ва унинг қўл остидагилар, сув таъминотига жавобгар бўлган мироб ва унинг қўл остида ишлайдиганлар кирган. Миршаббошига, шунингдек, ясовулбоши, девонбеги, маҳрамбоши, мирзалар, даҳбоши, шабгард (кечки қоровул), фаррошбошилар ҳам бўйсунган.
Халқимизда қадимдан ўзгалар молига кўз олайтириш, ўғрилик қилиш ниҳоятда қаттиқ қораланган. Камдан-кам учраб турадиган тарозидан уриш, ўғрилик, зино ва бошқа шу каби жиноятларни содир этганлар аниқланса, улар халқ ўртасида намойишкорона жазоланган. Масалан, манбаларда Бухорода бозорларда харидор ҳаққига хиёнат қилган сотувчи яримялонғоч ҳолда аравада, бозор аҳлига намойиш қилиниб, овози борича: «Мен шайтон йўлига кириб, харидорни алдадим», – деб жар солишга мажбур этилган. Бу каби таъсир чоралари ўзига хос «профилактика» вазифасини ўтаб, жиноятчиликни жиловлашнинг бир усули бўлган.
Аҳоли томонидан ҳар бир маҳалланинг, кўчаларнинг ўз оқсоқоли сайланган. Турли оилавий келишмовчиликлар, қўни-қўшнилар ўртасидаги жанжаллар ана шу оқсоқоллар томонидан жойида ҳал этилган. Улар томонидан чиқарилган ҳукмни ҳамма қабул қилиши ва бажариши шарт бўлган. Фақат бунинг иложи бўлмаган мураккаб вазиятлардагина можарога миршаблар ва қозилар аралашган.
Анвар КАНДАХАРОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа
доктори(Пҳд), доцент.
Аслиддин БЕГБОЕВ,
подполковник.
