Ҳуқуқ-тартибот тизимида замонавий технологияларни жорий этиш, мукаммал қонунларни қабул қилиш мумкин. Аммо ўша технологияларни бошқарадиган, қонунни ҳаётга татбиқ этадиган ходимнинг қалбида маънавий нур, виждон уйғоқлиги ва касбий ор-номус бўлмаса, барча саъй-ҳаракатлар ўз асл руҳини йўқотади. Негаки, фуқаро давлатни, аввало, кўчада турган патрул ходими, маҳалладаги профилактика инспектори ёки тергов хонасидаги терговчи тимсолида кўради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига йўллаган табригида бу ҳақиқатни аниқ ва теран ифодалаб берди: «Одамлар бир ходимнинг муомаласи ва хатти-ҳаракатидан бутун тизим ҳақида хулоса чиқаради». Мана шу биргина жумлада бутун тизимнинг обрў-эътибори ва ҳар бир ходим зиммасидаги улкан маънавий масъулият мужассамлашган.

«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасида ҳар бир ходимнинг маънавий қиёфасини белгилаб берувчи олтин қоида битилган: ходим фуқарога мурожаат этганида ўз лавозими, унвони, исми-шарифини айтиши, хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, мурожаат сабабини тушунтириши; фуқаро мурожаат этганида уни диққат билан эшитиши шарт. Инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш эса қатъиян тақиқланади.

Давлатимиз раҳбарининг ПҚ–5050-сонли қарори билан тасдиқланган консепсия тизимдаги тарбиявий ишларни «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!» деган ғоя атрофида бирлаштирди. Бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинган «Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси» эса тизим ҳаётида том маънода бурилиш ясади. Ушбу Кодексни ходимнинг «ахлоқий конституцияси» деб аташ мумкин, чунки унинг нормалари ходимнинг нафақат хизмат вақтидаги, балки хизматдан ташқаридаги ҳар бир қадамини маънавий мезонлар билан ўлчайди. Хусусан, ходим фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, камтар ва босиқ бўлиши, ҳеч кимни камситмаслиги, хизматдан ташқари вақтда дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик ва ичкиликбозлик каби иллатларга йўл қўймаслиги шарт. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ахлоққа зид ибораларни ишлатмаслиги, давлат органлари ва ислоҳотларга нисбатан ишончсизлик уйғотувчи материаллар жойлаштирмаслиги лозим.

Энг муҳими, Кодекс талабларига амал қилиш хизмат фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезони этиб белгиланди. Бу шуни англатадики, тезкор тадбирда юқори натижа кўрсатган, аммо фуқаронинг шаънини камситган, қўполлик қилган ёки хизматдан ташқарида номуносиб хатти-ҳаракат содир этган ходим илғор ходим бўла олмайди. Чунки касбий маҳорат маънавий етуклик билан бирлашгандагина ҳақиқий профессионаллик юзага келади.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз йўллаган байрам табригида илгари сурилган «Ўзингни англа ва ўзгани қадрла» ҳамда «ЎЗ» («Ўзимнинг Ўзбекистоним») ғоялари бугун ҳар бир ходимнинг ҳаётий шиорига ва касбий бурчига айланиши шарт.

«Ўзингни англа» – бу, аввало, кимнинг вориси ва кимнинг вакили эканингни англашдир. У уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга, «Куч – адолатдадир» деган тамойилни дунёга тақдим этган Соҳибқирон Амир Темур авлоди. «Темур тузуклари»да давлат хизматчилари ва сипоҳийларнинг адолатли, ҳалол, раиятпарвар бўлиши давлат барқарорлигининг бош шарти сифатида кўрсатилган. Ҳудудий ички ишлар органларида ташкил этилган «Ватанпарварлик бурчаклари»да «Темур тузуклари»дан намуналар жойлаштирилгани ҳам бежиз эмас – бу ходимга тарихий илдизларини эслатиб турувчи маънавий кўзгудир.

Шу билан бирга, «ўзингни англа» – ўз ваколатинг чегарасини ва масъулиятини англаш демакдир. Давлат ходимга махсус ваколат, хизмат кийими, гувоҳнома ва зарур ҳолларда куч ҳамда қурол ишлатиш ҳуқуқини ишониб топширган. Маънавияти заиф одам қўлига ваколат тегса, кибрга берилади, ўзини фуқаролардан устун қўя бошлайди. Маънавияти юксак ходим эса ваколатни имтиёз эмас, балки масъулият деб билади – ваколати ошгани сари янада камтар ва вазмин бўлади.

«Ўзгани қадрла» тамойили эса ҳар бир инсонда ўз яқинингни кўришни англатади. Хизмат фаолиятида ходим жамиятнинг энг оғриқли нуқталарига – оилавий низолар, ўғрилик, фирибгарлик, йўл-транспорт ҳодисалари, адашган ёшлар билан боғлиқ вазиятларга дуч келади. Бундай муҳитда ишлайдиган одамда вақт ўтиши билан касбий чарчоқ ва «эмоционал совуққонлик» пайдо бўлиш хавфи бор: инсон тақдирига оддий статистика ёки навбатдаги баённома сифатида қараш эҳтимоли кучаяди. Бу хавфнинг ягона давоси – «Ўзгани қадрла» тамойилидир. Мурожаат билан келган қарияни ўз отангдай, кўзи ёшланган онахонни ўз онангдай, адашган ўсмирни эса ўз уканг ёки фарзандингдай кўра олсанг, муомаланг ҳам, қароринг ҳам ўзгаради. Ҳатто ҳуқуқбузарга нисбатан ҳам жазо муқаррарлигини таъминлаш баробарида, инсоний шаънини топтамаслик, уни тўғри йўлга қайтаришга интилиш – ҳақиқий маънавий етуклик белгисидир.

«ЎЗ» («Ўзимнинг Ўзбекистоним») ғояси замирида эса бефарқликни енгадиган дахлдорлик туйғуси ётади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳар бир хонадоннинг осойишталигини ўз оиланг тинчлигидек асраш ушбу ғоянинг амалий ифодасидир.

Амалиётда икки нафар ходим бир хил қонуний талабни икки хил тарзда қўйиши мумкин: бири қўпол, жеркиб гапирса, фуқаро қонунни бузган тақдирда ҳам ўзини ҳақоратланган ҳис қилади ва бу норозилик уйғотади; бошқаси ўзини таништириб, босиқ ва ҳурмат билан тушунтирса, ҳатто ҳуқуқбузар ҳам хатосини тан олади.

Демак, ижобий имиж сунъий реклама ёки баландпарвоз ҳисоботлар билан яратилмайди. У учта асосий омилга таянади: ташқи кўриниш ва саф маданияти, нутқ маданияти ва тинглаш санъати, ностандарт вазиятларда руҳий барқарорлик. Касбий маданият кодекси талабларига мувофиқ, ходимнинг кийиниши ораста ва қатъий қоидаларга мос бўлиши шарт; ғижимланган форма, тозаланмаган поябзал ёки лоқайд қиёфа давлат рамзига ҳурмацизликдир. Фуқарони гапини бўлмай, самимий тинглаш эса муаммонинг ярмини ечади. Шунингдек, ҳиссиётга берилиш, жаҳл устида қўпол сўз айтиш ёки ортиқча куч ишлатиш – ходимнинг мағлубияти. Агрессив ёки провокацион вазиятларда мушт билан эмас, ақл, психологик билим ва вазмин сўз билан вазиятни юмшатиш зарур.

Тизимнинг эртанги куни ёш кадрларнинг қандай тарбияланишига боғлиқ. Айниқса, ходим хизматга кирган дастлабки бир йил унинг келгуси касбий йўлини белгилайди. Илк кунларданоқ ҳалол, виждонли устозга тушган ёш ходим келгусида ҳар томонлама етук мутахассис, ҳақиқий халқпарвар ходим, эл суйган раҳбар бўлиб етишади; лоқайдлик ва нопок муҳит эса энг эзгу ниятларни ҳам сўндириши мумкин.

Ички ишлар органи ходимининг маънавий қиёфаси ҳақида сўз юритганда, кўпинча эътибордан четда қоладиган, аммо аслида ходимни ҳар куни хизматга илҳомлантириб турадиган бир муқаддас қўрғон бор – бу унинг оиласи. Чиндан ҳам, уйида хотиржамлик, меҳр-оқибат ва ўзаро тушуниш ҳукм сурган ходим хизматга пок қалб, кўтаринки руҳ билан келади. Унинг оиласи – унинг маънавий қалқони. Шунинг учун ҳам ПҚ–5050 ҳамда ПҚ–10-сонли қарорларда ҳар бир раҳбар зиммасига ўз қўл остидаги ходимларнинг оилавий-маиший муаммоларини ўрганиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масъулияти муҳим вазифа сифатида юклатилган.

Маънавиятнинг энг юксак чўққиси хизмат бурчини бажариш чоғида эл-юрт тинчлиги учун жонини фидо қилган мард ва жасур ходимларнинг учмас хотирасидир. «Ватанпарварлик бурчаклари» ва музейлардаги уларнинг сиймоси бугун сафда турган ҳар бир ходимга масъулият юклайди: Ватан тинчлиги ва хизмат либоси шаънига асло доғ туширмаслик – виждон амридир.

Хулоса ўрнида айтганда, бугунги ички ишлар органи ходими қонунларни чуқур биладиган ва уларнинг руҳини қалбан ҳис этадиган, «Ўзингни англа ва ўзгани қадрла» ҳамда «ЎЗ» («Ўзимнинг Ўзбекистоним») тамойилларини кундалик амалга айлантирган, инсон қадри ва одилликни олий мезон деб биладиган шахс бўлиши керак. У хизмат вақтида ҳам, ундан ташқарида ҳам пок виждон, ҳалоллик, хушмуомалалик ва руҳий барқарорлик намунасини кўрсатиши, замонавий билим ва ахборот технологияларини, касбий психологияни мукаммал эгаллаган ҳолда фуқаролар билан самимий мулоқот қила олиши, ёш кадрларга эса чинакам устоз ва ибрат бўлиши лозим. Зеро, эгнимиздаги хизмат либоси – эл-юртнинг бизга билдирган бебаҳо ишончидир.

Абдижаббор АБЖАЛОВ,

ИИВ Малака ошириш институти профессори, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (Пҳд), полковник.